Боғланиш

Телефон
(+998 74) 223-49-02

Электрон манзил
andijon@adliya.uz

Ҳабарни юбориш
Ишонч телефони 1008

Янгиликлар

30

Юридик таълимдаги муҳим ўзгаришлар соҳа ривожига хизмат қилади


Юридик таълимдаги муҳим ўзгаришлар соҳа ривожига хизмат қилади

Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ва ҳуқуқий ислоҳотлар замонавий халқаро стандартларга жавоб берадиган юқори малакали юридик кадрларни тайёрлаш ҳамда “юриспруденция” йўналишида таълим шакли, услуби ва ғоясини белгилаб берадиган кенг ўйланган ислоҳотларни амалга оширишни тақозо этмоқда.

Бундай шароитда куни кеча қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомилаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги Президент Фармони юридик кадрларни тайёрлаш соҳасида юксак ижобий ўзгаришларга сабаб бўлиши кутилмоқда.

Мазкур Фармонга асосан Республикамизнинг яна учта олий таълим муассасасида, яъни Самарқанд, Наманган ва Термиз давлат университетларида юридик факультетлар очилиши билан юридик таълим ва фанни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланди.

Шу билан бирга, Фармон билан юридик кадрларни тайёрлашга буюртма шакллантириш тартиби назарда тутилмоқда. Бундай тартибга кўра, юридик таълим муассасаларига қабул параметрлари белгиланишида жорий ва истиқболдаги юридик кадрларга бўлган эҳтиёж биринчи навбатда ҳисобга олинадиган бўлди.

Ўз ўрнида, юридик кадрларга бўлган эҳтиёжга қараб қабул квоталари белгиланиши нафақат давлат секторида, балки хусусий секторда ҳам юридик кадрлар етишмовчилиги билан боғлиқ айрим муаммоларнинг ечими бўлиши мумкин.

Жумладан, адвокатура соҳасини вилоят миқёсида юридик кадрларга бўлган эҳтиёжини таҳлил қиладиган бўлсак, Андижон вилоятида жорий кун ҳолатига 217 нафар адвокат фаолият юритмоқда ва бу кўрсаткич билан ҳар 14 минг фуқарога бир нафар адвокат тўғри келмоқда. Мазкур ҳолатнинг ўзи юридик кадрларга бўлган эҳтиёжнинг юқори даражада эканлигини кўрсатиб турибди.

Агар, биз бу кўрсаткичларни ривожланган давлатлардаги ҳолат билан таққослайдиган бўлсак, муаммонинг туб моҳиятини тушуниб етишимиз мумкин бўлади. Масалан, АҚШда бир адвокат 260 нафар фуқарога, Италияда 265 нафар, Германияда 510 нафар, Озарбайжонда 670 нафар, Голландияда 905 нафар, Францияда 1 500 нафар, Қозоғистонда эса 4 000 нафар фуқарога тўғри келади.

Албатта, юридик кадрлар етишмовчилиги билан боғлиқ вазиятни фақатгина хусусий секторда эмас, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмат соҳасида ҳам учратиш мумкин бўлади.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш, қонун бузилиши ҳолатларини олдини олиш ҳамда улар бўйича ўз вақтида чоралар кўриш масъулияти биринчи навбатда шу ташкилотларнинг юридик хизмат ходимларига юклатилган бўлиб, бу соҳада юридик кадрлар етишмовчилиги бир қатор муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.

Ҳозирги кунда вилоят миқёсида 220 та юридик хизмат ходимлари штат бирликлари мавжуд бўлиб, малакали юридик кадрлар етарли эмаслиги сабабли вилоят ҳудудида мавжуд штат бирликлари учун вакант ўринлар узоқ вақт давомида сақланиб қолишига олиб келмоқда ва бу ҳолатда юридик хизмат ходими вакант бўлган, шунингдек, доимий равишда кадрлар қўнимсизлигига учраган ташкилотлар томонидан ўз фаолиятида меҳнат ва шартномавий муносабатларда бир қатор камчиликларга йўл қўяётганлигини кузатиш мумкин.

Шу сабабли ҳам, бундай шароитда Президентимизнинг мазкур Фармони билан юридик кадрлар тайёрлаш сифатини оширилиши ҳамда кадрлар ўртасида рақобатбардошлиликни юзага келиши мақсад қилиб олинди.

Шунингдек, Фармонда белгиланишича, олий юридик маълумотга эга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг марказий аппаратида раҳбар лавозимларида ишлаётган шахслар 5 йил юридик стажга эга бўлгандан сўнг тегишли давлат органининг биринчи раҳбари тавсиясига биноан кириш тест синовларисиз ТДЮУ магистратурасининг масофавий, сиртқи ва кечки таълим дастурларига қабул қилиниши мумкин.

 Бундан ташқари, Фармон билан 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб юридик техникумларда:

номутахассислик фанлар сони қисқартирилиб, ўқув жараёни кредит-модуль тизимини қўллаган ҳолда ташкил қилинади;

тест синовлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилиб, табақалаштирилган тўлов контракт асосида қўшимча қабул тартиби жорий этилади;

олий юридик маълумотга эга, юридик техникумларда камида
3 йил ишлаган педагог ва раҳбар ходимлар, ТДЮУ магистратурасига кириш тест синовларисиз кириш ҳуқуқига эга бўлиб, бунда юридик техникумларда камида 3 йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини олади.

Шулар билан бир қаторда, юридик техникумларда тўлов асосида тайёрлов ва бошқа курслар ташкил этилиши назарда тутилган бўлиб, бу билан фуқароларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини юксалишида юқори натижаларга эришиш мумкин десак, адашмаган бўламиз.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мазкур соҳада бугунги ислоҳотлар олий таълим муассасалари билан бир қаторда юридик техникумларни ҳам қамраб олиши, инновацион ғояларни илгари суриши ва истиқболли кадрларни тайёрлашга қаратилганлиги билан юридик кадрлар тайёрлаш соҳасидаги энг илғор қадамлардан бири бўлди, деб ўйлаймиз.

Абдумуталиб Дадажонов,
Андижон вилоят адлия бошқармаси бошлиғи