Янгиликлар
Шаҳрихон туманида акция ташкил этилди.
Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Маҳаллаларда уйма-уй, хонадонма-хонадон юрилиб, аҳолининг кундалик ижтимоий ҳаёти ўрганилмоқда. Аниқланган муаммоларнинг шу жойнинг ўзида бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Маҳаллаларда ўтказилаётган сайёр учрашувларда аниқланган ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон, боқувчисини йўқотган кексалар, кам таъминлаган оилаларга ҳомийларни жалб этган ҳолда ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатилмоқда.
Шаҳрихон туман адлия бўлими томонидан тумандаги “Минг чинор” дам олиш масканида ўтказилган “Ҳар бир болага меҳр ва эътибор” номли акция ана шу мақсадларни кўзлаб ташкил этилди.
Акция давомида 3 нафар болаларнинг хатна тўйлари ўтказилиб, уларга велосипедлар ҳадя қилинди. 100 нафардан ортиқ ногирон ва боқувчисини йўқотган болалар таклиф этилиб, уларга ҳомийлар томонидан тайёрланган турли хилдаги совғалар тарқатилди.
Халқимизнинг азалий урф-одатлари, анъаналарига мос равишда акция тўй маросимларига уланиб кетди. Болажонларнинг ота-оналари, яқинлари, маҳалла фаоллари, фахрийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда дастурхон ёзилиб, Андижонча ош тарқатилди.
Тадбирда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши, туман Хотин-қизлар қўмитаси, туман тиббиёт бирлашмаси, давлат нотариал идоралари, “Нуроний” жамғармаси Шаҳрихон туман бўлими, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Шаҳрихон туман кенгаши вакиллари иштирок этдилар.
Акцияга таклиф этилган болалар ва уларнинг ота-оналари, ногирон ва боқувчисини йўқотган кексалар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. Бир нафар имконияти чекланган болага туман адлия бўлими томонидан ногиронлик аравачаси топширилди.
Тиббий кўрик сайёр тартибда хонадонларга уйма-уй кирган ҳолда давом эттирилди. Туман тиббиёт бирлашмаси шифокор ва ҳамширалари ёлғиз яшовчи кексалар, имконияти чекланган фуқароларни бепул тиббий кўрикдан ўтказдилар. Касалликлари бўйича аниқ ташхислдар қўйилиб, даволаниш учун йўлланмалар берилди.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими