Янгиликлар
Ер участкалари беришнинг янги механизмлари жорий этилади
Ҳар биримиз ўз фаолиятимиз давомида у ёки бу турдаги маъмурий ҳужжатларга дуч келамиз ва ушбу ҳужжатларнинг қонуний кучига ишониб ҳаракат қиламиз.
Давлат органлари ва мансабдор шахслар ҳокимият вакиллари ҳисобланади. Улар ўз вазифаларини давлат номидан амалга оширишади. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари давлат органлари томонидан қабул қилинган қарорларни давлатнинг қарори деб билишади ва унга ишонч билдиришади.
Демак, ҳар қандай маъмурий қарор давлатнинг айтган сўзи деб тушунилади. Инвестор ёки тадбиркор маъмурий ҳужжат асосида давлатга ишониб, ўз маблағларини маълум бир фаолият турига йўналтиради.
Бироқ, қонун ҳужжатларидаги айрим бўшлиқлар туфайли қатор муаммолар юзага келаётгани сир эмас. Маъмурий ҳужжатларнинг баъзи сабабларга кўра юқори турувчи орган томонидан ёки шу ҳужжатни қабул қилган органнинг ўзи томонидан бекор қилиниши, суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши каби ҳолатлар кузатилади. Бундай ҳолларда бекор қилинган маъмурий ҳужжатга ишониб ўз фаолиятини бошлаган тадбиркор ёки инвестор зарар кўриб қолар ва бу зарар қоплаб берилмас эди.
Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш амалиёти ҳам ачинарли аҳволда эди.
Ана шу масалаларни инобатга олган ҳолда, шунингдек, мамалакатимизда инвестицион муҳитни янада яхшилаш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишни рағбатлантириш, мазкур йўналишда давлат сиёсатининг изчиллигига инвесторларнинг ишончини мустаҳкамлаш ва инвесторлар билан ишлашда давлат тузилмаларининг масъулиятини ошириш мақсадида 2018 йил 1 августда “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармон лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.
Шу кунларда вилоят миқёсида туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармони мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини тушунтириш мақсадида ҳудуддарда тарғибот гуруҳлари ташкил этилиб, манзилли ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Андижон вилоят адлия бошқармаси ва Давлат хизматлари агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида Андижон шаҳар Бахт уйи анжуманлар залида ташкил этилди.
Учрашувда оммавий ахборот врситалари ходимлари, вилоятда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда Фармоннинг мазмун ва моҳиятини очиб берувчи флаер, инфографика, буклет ҳамда схема кўринишидаги тарқатма материаллар иштирокчиларга тарқатилди.
Қайд этилганидек, мазкур Фармонга мувофиқ 2018 йил 1 августдан бошлаб инсофли фаолият юритган инвестор ва тадбиркорлик субъектига давлат органи томонидан уларга нисбатан қабул қилинган маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониши сабабли келиб чиққан мулкий зарарнинг ўрни қопланади.
Фармон билан, 2018 йил 1 сентябрдан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишга фақат ер участкаси олиб қўйилиши режалаштирилаётган манфаатдор шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилганидан, шунингдек, фойда ва харажатлар баҳоланганидан кейин йўл қўйилиши белгиланди.
Шунингдек, ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилади.
Бундан ташқари, ушбу Фармон билан 2018 йил 1 октябрдан инвестиция фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини беришнинг янги механизмлари жорий этилади:
Унга кўра қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаси 50 йилгача муддатга, лекин аризада кўрсатилганидан кам бўлмаган муддатга инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун узоқ муддатли ижарага берилади; кўчмас мулк объектларини қуриш учун ер участкаларига доимий эгалик қилиш ҳуқуқи аукцион орқали сотилади.
Шунингдек, эндиликда мамлакат иқтисодиётининг устувор соҳаларига катта миқдорда инвестиция киритган чет эл фуқароларига “Фахрий фуқаро” мақоми берилади.
Мазкур Фармоннинг қабул қилиниши мамлакатимизда инвестиция муҳитини янада яхшилашга, юртимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ҳамда бу соҳада олиб борилаётган давлат сиёсатининг изчиллигига инвесторларнинг ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими