Янгиликлар
Андижон вилоятида юридик хизматларнинг роли ва жавобгарлигини кучайтиришга бағишланган семинар ўтказилди
Андижон вилоятида юридик хизматларнинг роли ва жавобгарлигини кучайтиришга бағишланган семинар ўтказилди.
Ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш жараёнида, биринчи навбатда, ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини, жумладан ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил этиш, изчил ва бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш, инсон ҳуқуқ
ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишнинг яхлит тизимини жорий этиш йўли билан амалга оширишни кўзловчи адлия органлари ва муассасаларига муҳим роль ажратилган.
Жорий йилнинг 22-23 ноябрь кунлари Адлия вазирлигининг ташаббуси билан Андижон вилоятининг барча даражадаги туман (шахар) маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмат ходимлари, давлат бошқаруви органларининг худудий бошқарма ва бўлимларининг юридик хизмат ходимлари ҳамда туман (шахар) адлия бўлимларининг масъул ходимлари иштирокида, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонунийликни янада мустаҳкамлаш, демократик ва ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда юридик хизматларнинг роли
ва жавобгарлигини изчиллик билан кучайтириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил
19 январдаги ПҚ–2733-сон “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган вазифаларни юридик хизмат ходимлари томонидан самарали ижро этилишини ташкил этиш усуллари ва 2018 йил 8 августдаги ПФ–5505-сон “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти ва аҳамияти юзасидан семинар иштирокчиларига атрофлича тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, семинар давомида туман (шаҳар) адлия бўлимларининг масъул ходимлари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив тусдаги қарорлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш жараёнида юзага келаётган турли муаммоларни келиб чиқиши ва уларни бартараф этиш усул ва воситалари ҳақида ҳамда бу борада маҳаллий хокимликларнинг юридик хизмат ходимларининг шахсий масъулияти тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Бундан ташқари, юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш, вакант штат бирликларини малакали кадрлар билан тўлдириш чораларини кўриш бўйича масъулларга тушунтириш, тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими