Янгиликлар
Андижон вилоятида ҳуқуқий тарғибот ҳафталиги ўтказилди
Андижон вилоятида ҳуқуқий тарғибот ҳафталиги ўтказилди.
Адлия вазирлигининг Тарғибот гуруҳи томонидан республика бўйлаб ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.
2019 йил 9 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармон қабул қилинган эди.
Фармоннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Республика миқёсида турли хил тадбирлар, учрашувлар ташкил этилмоқда. Бу эса аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият даражасини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Фармоннинг асосий мақсади аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ҳуқуқий билимларини ошириб боришнинг замонавий усулларини жорий этиш шунингдек, аҳолини, айниқса ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш дан иборат.
Адлия вазирлиги томонидан мазкур Фармондан келиб чиқиб, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, давлат органлари ходимларига ўз фаолиятига доир қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш мақсадида ишчи гуруҳлари ташкил этган ҳолда республика миқёсида ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти, Юристлар малакасини ошириш маркази, Тошкент давлат юридик университети ўқитувчилари, вилоят адлия бошқармаси вакилларидан таркиб топган тарғибот гуруҳи томонидан жорий йилнинг 3-7 февраль кунлари Андижон вилоятининг барча туманларида бу каби учрашувлар ташкил этилди.
Тадбирлар қизғин баҳс ва мунозаралар, қизиқарли савол-жавоб ва дискуссияларга бой тарзда ўтди.
Учрашувларга туман ҳокимликлари, Хотин-қизлар қўмитаси туман (шаҳар) кенгашлари, Халқ таълими, мактабгача таълим, Ер ресурслари ва давлат кадастри, адлия, ички ишлар, архитектура ва қурилиш бўлимлари, юридик хизматлар ходимлари, ҳуқуқшунослик фани ўқитувчилари, профилактика инспекторларининг ёрдамчилари, маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари, Ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) кенгашлари, давлат нотариал идоралари нотариуслари, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлинмалари вакиллари ҳамда адвокатлар жалб этилди.
Тадбирлар давомида турли хилдаги ижтимоий ва ҳуқуқий сўровлар ўтказилиб, иштирокчиларнинг ҳуқуқий билимларини ўзлари учун текшириб олишлари учун ҳуқуқий тестлар тарқатилди. Бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими