Янгиликлар
Адлия бошқармаси томонидан айрим ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг яхлит тизими яратилган. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни муҳим ўрин тутади.
Қонунда фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари, давлат ҳамда фуқаролик жамияти ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлиги каби принципларга алоҳида эътибор қаратилган. Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури ишлаб чиқилган.
Адлия вазирлиги томонидан ҳам тизимдаги очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупцияга қарши курашишнинг самарали механизмларини жорий этиш, вазирлик фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликка муҳим ахборотлар бериш, уларнинг ҳуқуқий маълумотларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида “Очиқ адлия” ижтимоий дастури тасдиқланди.
Адлия вазирлиги эътибордан четда қолаётган жиҳатлар, ўз вазифасини лозим даражада бажармаётган ходимларни аниқлаш бўйича жамоатчилик ёрдамидан фойдаланиш мақсадида жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларига адлия органлари биноларида аудио-видео ёзиш мосламаларидан фойдаланишга рухсат берди.
Андижон вилоят адлия бошқармаси томонидан давлат нотариал идоралари ходимлари томонидан меҳнат ва ижро интизомига қатъий риоя этилиши, коррупциявий ҳолатларга йўл қўйилмаслиги устидан назорат ўрнатилган.
Бошқарма томонидан доимий равишда кўрсатмалар, тушунтиришлар бериб келинаётган бўлишига қарамай, одоб-аҳлоқ қоидаларини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини менсимаслик ҳолатларига йўл қўйиб келаётган айрим ходимлар ҳам учраб турибди. 2019 йилнинг 1-чорагида 11 нафар ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди, жумладан 1 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Андижон вилоят адлия бошқармаси
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими