Bog'lanish

Telefon
(+998 74) 223-49-02

Elektron manzil
andijon@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

06

Андижонда ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлар ҳолидан хабар олинмагани аниқланди


Андижонда ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлар ҳолидан хабар олинмагани аниқланди

Андижонда ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлар ҳолидан хабар олинмагани аниқланди



Турли масалаларда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида Андижон вилояти адлия бошқармаси томонидан мунтазам равишда таҳлил ва мониторинг тадбирлари амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 августдаги “Кексалар ва ногиронларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ўтказилган мониторинг тадбирлари давомида ҳудудларда ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронларни қайд этиш ва уларга хизмат кўрсатиш борасида жиддий камчиликларга йўл қўйилаётганлиги маълум бўлди.

Туман, шаҳар адлия бўлимлари мутахассислари жойлардаги тиббий-ижтимоий хизматлар шўъба ходимлари билан ҳамкорликда ҳудудлардаги ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронларни қайтадан хатловдан ўтказди.

Мониторингга қадар вилоятда 2 минг 62 нафар ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронларга ижтимоий хизмат кўрсатилган ҳамда 182 нафар фуқаро белгиланган тартибда 15 хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиб келинган.

Мониторинг тадбирлари доирасида вилоятдаги ана шу тоифа кишилари қайта хатловдан ўтказилганида 2 минг 344 нафар ўзгалар парваришига ҳамда ижтимоий хизмат кўрсатилишига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлар, шунингдек, 219 нафар 15 хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига муҳтож фуқаролар борлиги аниқланган.

– Мониторинг давомида шу кунга қадар ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронларнинг рўйхатлари тўлиқ шакллантирилмаганлиги сабаблари таҳлил қилинганида, ҳудудларда ижтимоий кўмак кўрсатилувчи қарияларнинг уй-жойлари уларнинг вафотидан сўнг давлат ихтиёрига ўтиб кетади, деган нотўғри тушунчанинг мавжудлиги сабаб айрим шахслар рўйхатга киришни истамаганлиги, қолаверса, маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссияларга улар ҳақида етарли маълумотлар берилмаётганлиги асосий омил бўлаётганлиги маълум бўлди, – дейди Андижон вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Абдумутал Дадажонов. – Қолаверса, айрим туман ва шаҳарларда уларга кўрсатилаётган хизматлар ҳам талаб даражасида олиб борилмаётганлиги аниқланди.

Жумладан, Хонобод шаҳрида бу борада жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйилган.

Хонобод шаҳрида ижтимоий ёрдамга муҳтож 60 нафар якка яшовчи кекса ва ногиронлар, шунингдек, 3 нафар 11 турдаги озиқ-овқат маҳсулотига муҳтож ҳамда 4 нафар турли гигиена воситалари билан таъминланиб турилувчи кексалар рўйхатда туради. Жорий йилнинг 1- ярмида уларга қай даражада ижтимоий кўмак кўрсатилаётганлиги ўрганилганда қатор қонунбузилишларига йўл қўйилганлиги маълум бўлди.

Хонобод шаҳар А. Фитрат маҳалласи Обод кўчасидаги 151-уйнинг 41-хонадонида яшовчи Гўзалхон Содиқова хонадонига патронаж хизмати ходимлари 2 йилдан буён умуман келмаётганлиги, фуқаро турли дори-дармонларга муҳтож бўлса-да, уларни олмаётганлиги, саломатлиги текширилмаётганлиги, уй дафтарига патронажлар ташрифи, ўтказган суҳбатлари бўйича қайдлар умуман йўқлиги маълум бўлди.

Яна айнан А. Фитрат маҳалласи Обод кўчасдаги 126-уйнинг 15-хонадонида яшовчи Адолат Абдуманнопова ҳам дори-дармонларга муҳтож бўлса-да, дорилар берилмаётганлиги, потранаж хизмати ходимлари келиб фақат унинг қон босимини ўлчаб кетишдан нарига ўтмаганлигини айтиб, шикоят қилган. Қолаверса, унинг уй дафтарида ҳам патронажчилар ташрифи ҳақида бирор бир қайд қўйилмаган.

Шунингдек, ўрганишлар давомида ёлғиз яшовчи кексалар рўйхатида турувчи Обод кўчаси 132-уйда яшовчи Шаҳноза Маҳмудова, шу кўчадаги 135-уйда яшовчи Шакархон Абдуллаева, Фитрат кўчасидаги 126-уйда яшовчи Альфия Шералиева сингари фуқаролардан ҳам патронаж хизмати ходимлари умуман хабар олмаганлиги маълум бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 сентябрдаги "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида тиббий хизматлар сифатини яхшилашга, ўтказилаётган профилактика тадбирларининг самарадорлиги учун масъулиятни оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарор билан тасдиқланган Низомнинг 5- иловасида "Ёлғиз кексалар, ўзгалар парваришига муҳтож шахслар ва ногиронлар патронажи ҳар бир ёлғиз кексани, ўзгалар парваришига муҳтож шахс ва ногиронни бир ойда камида бир марта бориб кўриши" лозимлиги белгилаб қўйилган бўлса-да, юқорида қайд этилган фуқароларга бириктирилган патронаж ходимлари қарийб 1 йил давомида улардан хабар олмаган.

Ана шундан келиб чиқиб Хонобод шаҳар адлия бўлими томонидан шаҳар тиббиёт бирлашмасига мавжуд камчиликларни бартараф этиш, ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган патронаж хизмати ходимлари ва мутасаддиларга тегишли чора кўриш юзасидан тақдимнома киритилди.

Умуман вилоятдаги туман ва шаҳарларда ўтказилган мониторинг тадбирлари доирасида мазкур йўналишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда қонун ҳужжатлари талаблари бузилишига йўл қўйилиш ҳолатлари юзасидан мутасадди идораларга жами 253 та огоҳнома ва тақдимномалар киритилди.

Бундан ташқари, адлия бўлимлари томонидан аҳоли орасида ижтимоий кўмак кўрсатилувчи қарияларнинг уй-жойлари уларнинг вафотидан сўнг давлат ихтиёрига ўтиб кетади, деган нотўғри ва асоссиз тушунча юзага келишининг олдини олиш, фуқароларнинг бу борадаги ҳуқуқий билим ва тушунчаларини юксалтириш ҳамда ёлғиз яшовчи кексалар, ўзгалар парваришига муҳтож шахслар ва ногиронлар ижтимоий муҳофазасини таъминлаш бўйича кенг кўламли тарғибот-тушунтриш ишлари ўтказилмоқда.