Янгиликлар
Муаммоларнинг қонуний ечими сайёр қабуллар жараёнида ҳал этилмоқда.
Муаммоларнинг қонуний ечими сайёр қабуллар жараёнида ҳал этилмоқда.
Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларга ҳуқуқий ечим топишда сайёр қабулларнинг аҳамияти катта. Бу борада Андижон вилоят адлия бошқармаси раҳбарияти томонидан ҳам аниқ чора-тадбирлар асосида ҳудудларда сайёр қабуллар ташкил этиб келинмоқда.
Ушбу вазифалар ижросидан келиб чиқиб, Андижон вилоят Адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари О.Бозаров томонидан Бўстон туманидаги “Тафаккур” МФЙда аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларга қонуний ечим топиш мақсадида сайёр қабул ўтказилди.
Жумладан, “Шалола” кўчасида яшовчи фуқаро Н.Равшанов тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш мақсадида маҳалласида музқаймоқ ва нон ишлаб чиқариш цехи очмоқчи, аммо имтиёзли кредит олиш учун унга кўмак зарур. Худди шундай фуқаро С.Халимова ўз хонадонида кичик иссиқхона қуриб, витаминли кўкатлар ва гул парвариш қилмоқчи, бироқ кредит олиш учун унга кўмак ва тавсиялар зарур. Фуқароларнинг ижтимоий масалаларга оид шу каби мурожаатларига тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
- Сайёр қабулларда фуқаролар ўзларини қийнаб келаётган, ечимини кутаётган муаммолари билан мурожаат қилишлари, жойларда одамларнинг адлия идораларига бўлган ишончи мустаҳкамланиб бораётганидан далолат. Биз ҳар доим халқ хизматидамиз, аҳолини айниқса аёлларни кундалик ҳаётида қийнаб келаётган масалаларга ҳуқуқий ёрдам ва тушунтириш ишларини олиб боряпмиз, бу эса ўз навбатида аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини ошишига ҳамда фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятларини бошлашда катта туртки бўлмоқда, - дейди бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Отабек Бозаров.
Мухтасар айтганда, бугун ҳеч бир мурожаат шунчаки қоғозларда қолиб кетмаяпти. Ўтказилаётган сайёр қабуллар муаммоларни аниқлаш, жойида ҳал қилиш, уларни бартараф этиш мақсадларига қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.