Bog'lanish

Telefon
(+998 74) 223-49-02

Elektron manzil
andijon@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

26

АДЛИЯ САЙЛИГА МАРҲАМАТ



Жамиятнинг равнақ топиши одамларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксак даражада шаклланганлигига кўп жиҳатдан боғлиқ.

Юртимизнинг энг чекка қишлоқларидаги инсонларнинг хонадонларигача барча билан ҳамнафас бўлиш, сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатиш, шунингдек, фуқароларнинг давлат органларидан рози бўлишлари учун бор имкониятлардан тўлалигича фойдаланиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан жорий йилнинг 30 март куни Андижон вилоятининг Балиқчи тумани “Уч булоқ” зиёратгоҳида “Фуқаролар давлат органларига эмас, давлат органлари фуқароларга хизмат қилиши керак!” шиори остида “Адлия сайли” бўлиб ўтади.

Тадбирда:

- Адлия бошқармаси бошлиғи;

- Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суд раиси;

- Давлат хизматлари агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғининг шахсий қабуллари бўлиб ўтади.

“Адлия сайли”да Андижон вилоят ҳокимлиги, прокуратура, ИИБ, Миллий гвардия, солиқ органлари, фуқаролик ишлари бўйича суд судьялари, бандлик бошқармаси, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, тижорат банклари, Савдо-саноат палатаси, Адвокатлар палатаси, Халқ таълими, Мактабгача таълим бошқармалари ҳамда вилоятдаги барча давлат органлари ва ташкилотлари масъул ходимлари, шунингдек, нотариуслар, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари ва юридик хизматлар ходимлари, адвокатлар томонидан аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилади.

Шунингдек, тадбирда қуйидаги соҳаларда алоҳида масъул ходимлар томонидан тушунтиришлар берилади:

-Тадбиркорлик фаолиятини юритиш, уларга берилган имтиёзлар, фермер ва деҳқон хўжалиги ташкил этиш, якка тартибда уй-жой қуриш учун ер ажратиш тартиби ҳамда ер ажратиш билан боғлиқ бошқа ҳуқуқий муносабатлар;

- Миграция, аҳолини иш билан таъминлаш, иш ҳақи ундириш, ногиронликни белгилаш, тиббий-ижтимоий меҳнат экспертизаси ҳамда ногиронлик тайинлаш;

- Моддий ёрдам ва ижтимоий нафақалар олиш, алимент ундириш, тартиблари;

- Тижорат банкларидан кредит ва микроқарз олиш;

- Нотариуслар фаолияти, нотариал ҳаракатлар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар бериш.

 

Бундан ташқари, Сиз ушбу тадбирда иштирок этиб, ўзингизни қизиқтирган ҳар қандай савол, муаммоли масала ёки бошқа ҳуқуқий ҳолатлар юзасидан тушунтиришлар олишингиз мумкин бўлади.

“Адлия сайли”да адлия органлари тизимида олиб борилаётган сўнгги ўзгаришлар бўйича батафсил маълумотлар берилади.

Бундан ташқари, тадбирда аҳолининг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун концерт дастурлари, турли хилдаги кўнгил очар ўйинлар, халқ сайллари, ҳунармандлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмалари, миллий маданий этник марказларнинг чиқишлари, ёшлар ўртасида ҳуқуқий билимлар беллашуви мусобақалари, ҳарбийлар иштирокида ватанпарварликни кенг тарғиб қилувчи ҳарбий парад ва ҳарбий техникалар кўргазмалари намойиш этилади.

Бир сўз билан айтганда, “Адлия сайли” юртимиз аҳолисининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ватанга, юртга бўлган садоқатини янада ошириш, халқимиз жипслиги ва бирдамлигини таъминлаш, шунингдек, ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида ташкил этилмоқда.

Азиз юртдошлар, вилоятимиз аҳолиси барчангизни 30 март куни вилоятнинг Балиқчи тумани марказий истироҳат боғида ташкил этиладиган “Адлия сайлига” таклиф этамиз.