Дониёр Абдумаликов,
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси
Янгиликлар
Андижонда “Адлия сайили ” бўлиб ўтди. Сайил қандай ўтди? Сарҳисоб ва таҳлиллар!
Андижон вилоят адлия бошқармаси томонидан аҳоли ўртасида ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтиришга ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган, шунингдек, маданий-маърифий соҳага доир тадбирлар доимий равишда амалга ошириб келинмоқда.
Мазкур ишларни мантиқий дебочаси сифатида яъни, аҳолига ҳуқуқий ахборотларни, шу жумладан мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг мазмуни ва моҳиятини етказиш мақсадида вилоят адлия бошқармаси томонидан жорий йил 30 март куни Балиқчи тумани “Уч булоқ” зиёратгоҳида “Адлия сайили” ҳуқуқий тарғибот ва маърифат тадбири ўтказилди.
Мазкур “Адлия сайили” кўтаринки руҳда ўтказилиб, 1 000 дан ортиқ аҳоли вакиллари ташриф буюрдилар. Сайил “Фуқаролар давлат органларига эмас, давлат органлари фуқароларга хизмат қилиши керак!” шиори остида ташкил қилинди.
Тадбирда Андижон вилояти ва Балиқчи туман ҳокимлиги, прокуратура органлари, жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлар, Давлат хизматлари маркази, Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, ФҲДЁ бўлимлари, вилоят давлат солиқ, бандлик, халқ таълими, мактабгача таълим, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармалари ҳамда тумандаги барча давлат органлари ва ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирок этишди ва аҳолини ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларга қабул қилинаётган қонунлар ва уларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида оддий тилда тушунтиришлар бериш мақсадида ҳар бир давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан кўргазмали тарғибот материаллари билан жиҳозланган тегишли “Ҳуқуқий ахборот бурчаклари” ташкил этилди.
Тадбирда “Биз, Сизнинг муаммоингизга бефарқ эмасмиз” шиори остида алоҳида давлат ташкилотларининг масъул ходимлар томонидан тадбир иштирокчиларига аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Хусусан, адлия бошқармаси тизими ходимлари томонидан тадбир иштирокчиларига қуйидаги мавзуларда бепул ҳуқуқий тушунтиришлар ва маслаҳатлар берилиб, аҳоли муаммолари тингланди:
Тадбиркорлик фаолиятини юритиш, уларга берилган имтиёзлар, фермер ва деҳқон хўжалиги ташкил этиш, якка тартибда уй-жой қуриш учун ер ажратиш тартиби ҳамда ер ажратиш
Миграция, аҳолини иш билан таъминлаш, иш ҳақи ундириш, ногиронликни белгилаш, тиббий-ижтимоий меҳнат экспертизаси ҳамда ногиронлик тайинлаш;
Моддий ёрдам ва ижтимоий нафақалар олиш, алимент ундириш тартиблари;
Тижорат банкларидан кредит ва микроқарзлар олиш;
Нотариуслар фаолияти, нотариал ҳаракатлар олиб бориш ва бошқа ҳуқуқий муносабатлар.
Шунингдек, вилоят юридик техникуми ўқувчиларидан иборат “Адолат қанотлари” клуби аъзолари томонидан “Street law” лойиҳаси доирасида ёшлар ва аёлларга қонунчиликда берилган имтиёзлар, меҳнат соҳасидаги муносабатлар, меҳнат мигрантлари ва имконияти чекланган шахсларга қонунчиликда берилган имтиёзлар, моддий ёрдам ва ижтимоий нафақалар олиш тартиби, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кредит ва микроқарзлар олиш тартиби, коммунал соҳадаги муносабатлар, алимент, уй-жой олиш ва ер ажратилиши тартиби, порахўрлик, товламачилик, фирибгарлик, талон-тарож каби жиноятларнинг салбий оқибатларини намоён этишга қаратилган 25 турдаги жами 2 000 га яқин флаер, буклет ва инфографикалар тадбирда ташриф буюрган фуқароларга тарқатилди.
Қолаверса, вилоятдаги тижорат банклари томонидан аҳолига банк хизматларини кўрсатиш, аҳолини бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида имтиёзли кредитлар бериш юзасидан ҳуқуқий тушунтириш ва тавсиялар берилиб, мавзуларга доир баннер, плакат ва буклетлар омма эътиборига ҳавола қилинди.
Тадбирда аҳолининг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун концерт дастурлари, турли хилдаги кўнгил очар ўйинлар, халқ сайиллари, ҳунармандлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмалари, миллий маданий этник марказларнинг чиқишлари, ёшлар ўртасида ҳуқуқий билимлар доирасида тест синовлари, ҳарбийлар иштирокида ватанпарварликни кенг тарғиб қилувчи кўргазмали чиқишлар, намойишлар ҳамда узоқ муддатдан қайтган мигрантларни бандлигини таъминлаш бўйича бўш иш ўринлар ярмаркаси ўтказилди, аҳоли учун сайёр китоб савдолари ташкил қилинди.
Бундан ташқари, тадбир давомида сайилга ташриф буюрган фуқароларнинг кайфиятини янада кўтариш, сайилни завқли ва мазмунли ўтказиш мақсадида бир гуруҳ санъат ва маданият вакиллари томонидан байрам дастури намойиш этилди. Мазкур дастурда қўшиқчилар, сўз усталари, раққосалар, миллий чолғу асбоблари усталари, дорбозлар ўзларининг чиқишлари билан сайилга ташриф буюрган фуқароларга байрамона кайфият улашдилар.
Кўнгилли ёшлар, мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган ҳуқуқий саводхонликни оширишга қаратилган тезкор тест лойиҳаси натижаларига кўра энг фаол ва ҳуқуқий билими юқори бўлган иштирокчилар эсдалик учун совғалар билан тақдирландилар.
Сайилда иштирок этаётган туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан фуқароларнинг тиббий маданиятини юксалтириш ва кундалик соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида бепул тиббий маслаҳатлар ва тавсиялар берилиб, жами 140 нафар фуқароларга бепул чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилди.
Бундан ташқари, тадбир давомида адлия бошқармаси бошлиғи, вилоят судининг раиси ва Давлат хизматлари агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғининг шахсий қабуллари ҳам бўлиб ўтди.
Тадбирга тумандаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилиб келаётган ва турли йўналишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож бўлган шахслар, “Темир”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига киритилган фуқаролар жалб қилиниб, сайилга ташриф буюрган фуқаролар ўзларининг ҳуқуқий муаммолари бўйича давлат ташкилотларига ўз мурожаат қилдилар.
Хусусан, тадбир мобайнида вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ҳамда бошқарманинг маслаҳат гуруҳлари томонидан жами 80 дан ортиқ мурожаатлар қабул қилиниб, уларнинг 54 таси жойида ҳуқуқий тушунтириш бериш ва маслаҳатлар кўрсатиш орқали жойида ҳал қилинди, қолган 30 дан ортиқ мурожаатлар ўрганиб чиқиш учун иш юритувга олинди.
Давлат хизматларини кўрсатиш йўналишида жами 48 та мурожаатлар қабул қилиниб, шундан 13 та мурожаатлар жойида ҳал этилган бўлса,
35 нафар мурожаатчиларга тушунтиришлар берилди.
Туман ФҲДЁ бўлими томонидан жами 16 та мурожаат қабул қилиниб, шундан 2 та мурожаат жойида ҳал қилиниб, 14 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Нотариуслар томонидан жами 27 та мурожаат қабул қилиниб, шундан 15 тасида фуқаролар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун керакли ҳужжатларни тақдим қилган ҳолда мурожаат қилинган бўлса, қолган 12 та ҳолатда қилинган оғзаки мурожаатлар юзасидан тушунтиришлар берилди.
Адвокатлар томонидан жиноят, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд масалалари юзасидан жами 83 та ҳолат юзасидан фуқароларга бепул маслаҳатлар берилди.
Давлат солиқ инспекцияси, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш туман маркази ва Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўлими томонидан жами бўлиб 52 нафар фуқароларга, туман “Мадад” ННТ томонидан сайёр қабул давомида 15 нафар фуқароларга мурожаатлари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги Ҳакамлик суди ва профессионал медиаторлар томонидан 14 нафар фуқароларга мурожаатлари юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
“Микрокредитбанк” АТБ Балиқчи туман филиали томонидан жами 12 нафар фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилиниб, уларнинг 2 нафарининг, АТ “Халқ банки” туман филиали томонидан жами 15 нафар фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилиниб, уларнинг 1 нафарининг мурожаати кредит ажратиш учун ўрганишга қабул қилинди.
Кадастр агентлиги ҳудудий бошқармасининг Балиқчи туман бўлими томонидан жами 30 та мурожаат қабул қилиниб, шундан 28 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди ва 2 нафар фуқароларнинг мурожаатлари ўрганиш учун қабул қилинди.
Судларнинг ваколатли шахслари томонидан жами 25 та мурожаат қабул қилиниб, 23 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилиб, 1 та даъво ариза ҳамда 1 та мурожаат юзасидан жиноят суди томонидан ариза қабул қилинди.
Тумандаги касб-ҳунар мактаблари, тиббиёт ҳамда педагогика коллежларининг турли хил фаолиятлари юзасидан жами 202 нафар ёшлар касбга ўрганиш юзасидан мурожаат қилишиб, мутахассислар томонидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.
Бундан ташқари, тадбир давомида туманда фаолият олиб бораётган Чинни буюмлар ишлаб чиқариш бўйича Хитойлик инвестор Хуван Жан Шуннинг фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят ҳудудий бошқармаси Балиқчи туман бўлими томонидан 6 нафар фуқароларга пенсия гувоҳномалари ҳамда тадбир жараёнида туман ҳудудида истиқомат қилиб келаётган ногиронлиги бўлган фуқароларнинг 2 нафарига ногиронлик аравачаси топширилди.
Дарҳақиқат, мазкур “Адлия сайили” ҳуқуқий тарғибот ва маърифат
тадбирининг ўтказилиши - юртимиз аҳолисининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ватанга, юртга бўлган садоқатини янада ошириш, халқимиз жипслиги ва бирдамлигини таъминлаш, шунингдек, ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.