Янгиликлар
ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИНИНГ ЎРНИ
Мамлакатда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан қишлоқ хўжалигининг ривожланиш даражасига боғлиқ.
Чунки қишлоқ хўжалиги мамлакатимиз учун ҳам сиёсий, ҳам ижтимоий ва иқтисодий аҳамият касб этган соҳа бўлиб, у қуйидаги функцияларни бажаради:
• мамлакатимизнинг озиқ-овқат фондини шакллантиради;
• юртимизнинг озиқ-овқат мустақиллигини таъминлайди;
• қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган саноат учун хомашё етказиб беради;
• аҳолини иш жойлари билан таъминлайди. Қишлоқ хўжалиги мамлакатимизнинг етакчи тармоқларидан бири сифатида нафақат аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда, балки иқтисодиётнинг бошқа соҳаларини ривожлантиришда ҳам муҳим ўрин эгаллайди.
Бугунги бозор муносабатлари шароитида турли мулк шаклларига асосланадиган хўжалик юритиш шаклларининг мавжудлиги улар орасида соғлом рақобат ташкил этади. Шунинг учун республикамизда иқтиcодий ислоҳотларнинг дастлабки босқичлариданоқ мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, турли мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлигига таянувчи кўп укладли иқтисодиёт тизимини барпо этишга алоҳида эътибор берилмоқда. Республикамиз қишлоқ хўжалигида вужудга келаётган янги хўжалик юритиш шакллари орасида деҳқон ва фермер хўжаликлари муҳим аҳамият касб этади.
Деҳқон ва фермер хўжаликлари хўжалик юритишнинг шахсий манфаатдорлик, ташаббускорлик ва мулкий жавобгарлик тамойилларига таяниб, қишлоқ хўжалигида мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилик ва соғлом рақобат асосида ривожланиб боришига асосланади.
Улар ўзлари етиштирган маҳсулотларига эгалик қилишига, ўзига тегишли мол-мулк, молиявий ва моддий ресурсларни мустақил тасарруф этишига, ерга бўлган эгалик ҳиссига кўра, яъни мустақил хўжалик юритиши бўйича бозор иқтисодиёти тамойилларига мос тушади.
Республикамизда аграр ислоҳотларни янада чуқурлаштириш мақсадида фермер хўжаликларини ривожлантиришга кенг имкониятлар яратилмоқда.
Ислоҳотларни амалга ошириш даврида фермер хўжаликларини ташкил этиш ва ривожлантиришга оид қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 март кунги “Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-507-сон қарори билан чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик йўналишида фаолият кўрсатувчи фермер хўжаликларига бир қатор имтиёзлар белгилаб берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 14 июнь куни тасдиқланган қарори билан 1 июндан бошлаб ҚҚС тўловчиси бўлган паррандачилик хўжаликларига — ўз хўжаликларида етиштирилиб, реализация қилинган тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм ҳамда парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 1 000 сўм миқдорида республика бюджетидан субсидия ажратилиши белгиланди. Бундан ташқари мазкур қарор билан паррандачилик фермер хўжаликларига солиқ, имтиёзли кредит ажратиш ва бир қатор имтиёзлар белгилаб берилди.
Деҳқон ва фермер хўжаликларини янада ривожлантириш талаб қилинади ва қишлоқ хўжалигининг ривожланиши айнан шу турдаги хўжаликлари билан боғлиқлиқ. Чунки деҳқон ва фермер хўжаликларида бошқа турдаги ишлаб чиқариш корхоналаридагидан юқори. Шу боисдан ҳам қишлоқ хўжалигига эътибор жуда хам катта.
Фермер хўжалиги қисқа муддат ичида ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг самарали шакли эканлигини оқлади. Фермер хўжаликлари ўз моҳиятига кўра ресурс тежашни таъминлайди. Бу хўжаликларда моддий манфаатдорлик ва меҳнат самарадорлиги юқори бўлиб, бутун фаолият кўпроқ фойда олишга қаратилган.
Бир сўз билан айтганда, фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш масқадида зарурий ташкилий-иқтисодий ҳамда ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилди.
Бу борада Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжаликлари тўғрисида”ги қонунининг қабул қилиниши билан фермер хўжаликларининг мақоми, уларнинг ижтимоий-иқтисодий моҳияти ва ташкилий-иқтисодий асослари, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъекти сифатидаги умумий ва фарқли томонлари аниқ белгилаб берилди.
Ушбу қонуннинг мақсади фермер хўжаликларининг ташкил этилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Мамлакатимиздаги фермер хўжаликлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг ривожланиши учун кенг йўл очиб бериш мақсадида олиб борилган ишлар самарасини сўнгги йилларнинг иқтисодий кўрсаткичлари орқали ҳам яққол кўриш мумкин.
Расмий статистика маълумотларига асосланиб айтишимиз мумкинки, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида фермер хўжаликларининг қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулотидаги улуши, уларнинг сони, мазкур хўжаликларга ажратилган экин майдонлари, чорва моллари сони ҳамда фермер хўжаликларида ишловчиларнинг сони жадал суръатларда ўсиб бормоқда. Фермер хўжаликларига хос бу хусусият мамлакатимизнинг аграр соҳасида уларнинг хўжалик юритишнинг энг самарали шаклларидан бири сифатида мустаҳкам ўрин эгаллаётганлигини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, сўнги йилларда фермер хўжаликларининг бошқа хўжалик юритиш шаклларидан афзалликлари яққол кўзга ташланди.
Мазкур хўжаликларда ердан оқилона фойдаланиш, экинлар ҳосилдорлигини ошириш, умуман қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш самарадорлигини юксалтириш туфайли юқори натижаларга эришилди.