Янгиликлар
Сайлов - халқ хоҳиш-иродасини ифодалайди
Демократик ҳуқуқий давлатнинг асоси фуқароларнинг эркинлиги, халқ манфаатлари ва сайловлар орқали ҳокимиятни шакллантириши орқали белгиланади. Сайловлар фақатгина ҳокимиятни шакллантиришгина бўлмасдан, халқ хоҳиш-иродасини ҳам ифодалайди.
Мамлакатимиз сайлов қонунчилиги халқаро андозалар талабига тўла-тўкис жавоб бера оладиган тарзда яратилган. Сайлов овоз бериш йўли билан амалга оширилиб, сайлов олдидан сайловга тайёргарлик кўриш, ташкил қилиш ва самарали ўтказиш тартиби жорий қилинган.
Аввало, сайловларнинг кўппартиявийлик ва муқобиллик, ошкоралик ва транспарентлик тамойиллари асосида, жаҳонда умумэътироф этилган демократик стандартларга мос ҳолда ўтишини таъминлаш учун юртимизда қисқа муддат ичида улкан ишлар амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш зарур. 2019 йил 25 июнда қабул қилинган янги Сайлов кодексидаги демократик ўзгаришлардан то сайлов тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий этишгача, янги ҳуқуқий нормалар ва қоидаларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказишдан то сайловчилар ягона электрон рўйхатини шакллантиришгача бўлган кенг кўламли жараёнлар шулар жумласидандир.
Сайлов кодекси қабул қилингунича миллий сайлов тизимида бир вақтнинг ўзида бешта қонун паралел равишда амал қилар эди. Уларнинг айрим нормалари бир-бирига зид бўлган.
Сайлов кодекси қабул қилингач, бундай ноаниқлигу оворагарчиликлар барҳам топганини нафақат миллий сайлов амалиётчилари, ҳатто халқаро экспертлар ҳам кенг эътироф этди. Миллий сайлов тизимининг ҳуқуқий асослари умумжаҳон талаблари ва тенденцияларига мувофиқлаштирилди. Кодекс кучга киритилиши муносабати билан ўттизга яқин қонун ҳамда қонуности ҳужжатларига кейинчалик киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек, қонуности ҳужжатлар ўз кучини йўқотди.
Сайлов кодексидан шу пайтгача миллий сайловчилигимизда бўлмаган ўнлаб янги норма ва қоидалар жой олди, амалдаги айрим тартиб-қоидалар бекор қилинди.
Сайлов жараёнларини бошқариш бўйича автоматлаштирилган тизим ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати илк бор жорий этилди. Чет элларда вақтинча яшаб турган меҳнат муҳожирлари, талабалар ва бошқа ватандошларимизга сайловда иштирок этишлари учун кенг шароит яратилди. Озодликдан маҳрум этилган, бироқ оғир ва ўта оғир жиноят содир этмаган маҳкумларга илк бор овоз бериш имконияти яратилди.
Умумэътироф этилган халқаро талаблар ва стандартларга тўлиқ жавоб берадиган Сайлов кодекси асосида 2019 йили мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга ўтказилган сайлов халқимизнинг ҳуқуқий онги, сиёсий билими ва маданияти ўсиб, жамиятимизда демократик тамойиллар мустаҳкам қарор топиб бораётганининг яна бир тасдиғи бўлди.
Жорий йилнинг 8 февраль куни имзоланган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун бу борадаги вазифаларни ҳал этишга қаратилиши билан бирга, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатларини, давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини янада кенгроқ таъминлашдек эзгу мақсадларга хизмат қилади. Ушбу қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳмиятига тўхталадиган бўлсак, демократик сайловларнинг зарур ва муҳим шартларидан бири бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раҳбарлигида барча даражадаги сайлов комиссиялари тизими мустақиллигини таъминлаш борасида улкан қадам қўйилганини алоҳида таъкдлаш лозим. Жумладан, Марказий сайлов комиссияси ва сайлов комиссиялари аъзоларининг мақоми қонунан янада мустаҳкамланди.
Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг
117-моддасига киритилган мухим ўзгартиришларга кўра, эндиликда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиладиган бўлди. Илгари эса сайловлар декабрь ойида ўтказилар эди.
Шунингдек, Сайлов кодексининг тегишли модаларига киритилган ўзгартишларга кўра, Халқ депутатлари туман, шаҳар (Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгаши бундан мустасно) кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари тузиш амалиётидан воз кечилди. Бундай мақбуллаштириш ортиқча вақт, меҳнат ва инсон ресурларини жалб қилиш ташвишига чек қўйиш имконини беради.
Эндиликда чет давлатларда истиқомат қилиб турган Ўзбекистон фуқароларини, дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, хорижий мамлакатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутилар орқали овоз беришнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди.
Жорий йилнинг 31 май куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам
2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган демократик йўналишдаги ана шундай изчил ислоҳотлар бераётган самаралардан биридир.
Бу қонун ижодкорлиги ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ҳамда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни очиқ, шаффоф ва мустақиллик принциплари асосида ўтказишда халқ ҳокимияти ва сиёсий плюрализмнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва сайлов тизимини босқичма-босқич модернизациялаш бўйича амалга оширилаётган изчил чора-тадбирларга уйғундир.
Амалдаги сайлов қонунчилигининг таҳлиллари сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш ҳамда сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятлар бериш борасида муайян муаммолар борлигини кўрсатди.
Жумладан, оммавий тадбирларни ўтказишга оид қоидаларда сайловолди тарғиботини ўтказиш учун ҳам маҳаллий ҳокимликлардан рухсат олиниши шартлиги белгиланган.
Янги қонун асосида Сайлов кодексининг 48-моддасига киритилган қўшимчага биноан энди ушбу талаб бекор қилинди: “Сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиши жойи ва вақти ҳақида туман (шаҳар) ҳокимликлари камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилади. Бунда ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб этилмайди”.
Сайлов кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар фақат суд томонидан кўриб чиқилади. Сайлов кодексининг 102-модда матнининг биринчи жумласи қуйидаги таҳририда баён этилди: “Номзод кўрсатган сиёсий партиялар органлари, номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин беш кун ичида судга шикоят қилиши мумкин”.
Таъкидлаш ўринлики, бу сайлов жараёнида юзага келиши мумкин бўлган низоларни ҳал қилишнинг энг демократик йўлидир.
Шундай қилиб, юқори турувчи сайлов комиссияларининг ваколатларидан қуйи турувчи сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишга оид қоида чиқариб ташланди.
Шу билан бирга, кодексга киритилган процессуал ўзгартиришларга биноан бевосита сайлов жараёнлари билан боғлиқ айрим янги қоидалар ҳам жорий этилди.
Унга биноан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари аъзолари сонини 8 нафардан 18 нафаргача ошириш белгиланди.
Шунингдек, сайловда сиёсий партия ёки номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишда фуқаролар паспорт билан бир қаторда идентификация картаси орқали ҳам шахсини тасдиқлаши мумкинлигига оид норма киритилди.
Ушбу янги қонун нормалари қабул қилиниши миллий сайлов қонунчилигимизни умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида янада такомиллаштиришга ва мазкур йўналишда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни халқаро ҳамжамиятга етказишга хизмат қилади.
Гафуров Озодбек Азимджанович,
Андижон шаҳар адлия бўлими бошлиғи
1-даражали юрист.