Янгиликлар
Наманган, Қарши ва Андижонда эксперимент тариқасида ташкил этилган юридик хизматлар қандай натижа кўрсатди?
Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонунийликни янада мустаҳкамлаш, демократик ва ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда юридик хизматларнинг роли ва жавобгарлигини изчиллик билан кучайтириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларига марказлашган юридик хизмат кўрсатиш тизимини жорий этиш мақсадида 2020 йил 17 сентябрда “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини эксперимент тариқасида ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат Қарори қабул қилинди.
Мазкур Қарор билан Наманган шаҳри, Қарши ва Андижонда эксперимент тариқасида давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш фаолиятини амалга оширувчи марказлар ташкил этилиб, салкам 1 йил муддат давомида апробациядан ўтказилди.
Бунда:
* Марказлар томонидан 3 та ҳудудда 23 та туман ва шаҳар даражасидаги давлат органларига (Наманган шаҳрида 9 та, Қарши ва Марҳамат туманларида 7 тадан) юридик хизмат кўрсатилди;
* Адлия вазирлиги томонидан давлат органлари томонидан қабул қилинадиган барча юридик ҳужжатларни ишлаб чиқиш, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва қабул қилишни тўлиқ электрон шаклга ўтказувчи “E-huquqshunos” электрон тизими ишга туширилди;
* давлат органлари томонидан қабул қилинадиган буйруқ, шартнома ва бошқа юридик тусдаги барча ҳужжатлар таҳлил қилиниб, уларнинг 100 дан ортиқ намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилди ва “E-huquqshunos” электрон тизимига киритилди;
* 2020 йилнинг 1 октябрь кунидан жорий йилнинг 1 июнь кунига қадар Марказлар томонидан давлат органларининг 8 173 та буйруқ ва 2 464 та шартнома лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди, талабнома-даъво ишларини юритиш натижасида 470 миллион сўм пул маблағларини ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинишига эришилди;
Жумладан, Марҳамат туман юридик хизмат кўрсатиш маркази томонидан ўтган давр мобайнида давлат органлари ва ташкилотларининг 1478 та буйруқ ва 515 та шартнома лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган ва 54 та ҳолатда лойиҳалар қонунчиликка зид бўлганлиги сабабли қайтарилган.
Шунингдек, марказ томонидан ташкилот манфаатларини кўзлаб судларга 19 та даъво аризалари киритилиб, шундан барча даъво аризалар каноатлантирилиб, 185 миллион сўм ундирилишига эришилди.
Хусусан, марказ томонидан туман Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг манфаатини кўзлаб жавобгар “Марҳамат Агросервис” МТПнинг меҳнатдан майибланиб, касб касаллигига учраган собиқ ишчиси А.Абдуолимовга “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунга асосан тўланган 32 миллион сўм ногиронлик пенсиясини жавобгардан регрес тартибида ундириш юзасидан киритилган даъво ариза Асака туманлараро иқтисодий суди томонидан кўриб чиқилиб, жавобгар “Марҳамат Агросервис” МТП ҳисобидан 32 миллион сўм ундирилди.
*Марказлар томонидан аҳолига ва бевосита ижрочиларга янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш ҳамда ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида 537 та ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди;
* 3 та ҳудуддаги давлат органларида 12 та штат бирликларини оптималлаштириш ҳисобига 8 ойда 192 млн. сўм бюджет маблағлари иқтисод қилинишига эришилди;
Юридик хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш юзасидан олиб борилган музокаралар, ҳукумат қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун олиб борилган сай-ҳаракатлар натижасида ҳамда ўтказилган экспериментнинг ижобий натижаларидан келиб чиқиб, Марказларнинг фаолиятини бутун республикада ташкил этиш назарда тутилган “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан эндиликда:
1).2021 йил 1 октябрдан бошлаб туман ва шаҳар даражасидаги давлат органлари юридик хизматларининг мавжуд 1 182 та штат бирликлари ҳисобидан Марказлар фаолиятини ташкил этиш учун 1 056 та штат бирликлари ташкил этилди (126 та штат бирликларини оптималлаштириш ва бюджет маблағларини иқтисод қилишга эришилади);
2) Марказ ходимлари мақоми ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига кўра тегишли равишда туман (шаҳар) адлия бўлимлари ходимларига тенглаштирилди, шунингдек, адлия органлари ходимлари учун назарда тутилган мартаба даражалари ва кўп йиллик хизматлари учун устама ҳақ миқдорлари татбиқ этилди;
3) Марказ ходими сифатида камида уч йил меҳнат стажига эга бўлган шахс лицензия олиш учун адвокат мақомига эга бўлишга талабгор шахс сифатида адвокатлик тузилмасида стажировкадан ўтмасдан малака имтиҳонида иштирок этиш ҳамда нотариал идорада олти ой муддат стажировка ўтаб малака имтиҳонини топшириш ҳуқуқига эга бўлди;
4) Марказлар томонидан дастлаб 12 та туман ва шаҳар даражасидаги давлат органларига, келгусида босқичма-босқич туман ва шаҳар даражасидаги барча давлат органларига юридик хизмат кўрсатилиши таъминланади;
5) туман ва шаҳар даражасидаги давлат органларида юридик тусдаги барча ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари электрон шаклга ўтказилади;
6) “E-huquqshunos” электрон тизимини четлаб ўтган ҳолда қабул қилинган буйруқ ва шартномалар юридик кучга эга бўлмаслиги, шунингдек, улар ҳеч қандай ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармаслиги қатъий белгилаб қўйилди;
7) Марказларга ўзининг асосий фаолиятига таъсир кўрсатмаган ва манфаатлар тўқнашувини йўлга қўймаган ҳолда бошқа юридик шахсларга пуллик асосда юридик хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи берилди;
Хулоса қилиб айтганда, мазкур Қарорнинг қабул қилиниши туман (шаҳар) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларига юқори даражали юридик хизмат кўрсатилиши уларнинг фаолиятида қонунийлик ва қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш, бугунги кунда юридик таъминотга эга бўлмаган ирригация, қурилиш, ветеринария, пенсия жамғармаси каби ташкилотларга юридик хизмат кўрсатиш, ортиқча қоғозбозлик ва коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш имкониятларини яратиб берди.
Абдумуталиб Дадажонов,
Андижон вилоят адлия бошқармаси бошлиғи