Янгиликлар
Юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолиятини бошлаш юзасидан ўқув-амалий семинар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан адлия бошқармалари ҳузурида жорий йилнинг 1 октябрь кунидан бошлаб юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилиши белгиланган. Шунга кўра, бугунги кунга қадарли Андижон вилояти бўйича марказларга ажратилган штат бирликлари тегишли тест ва суҳбатлардан ўтган номзодлар билан тўлдирилди. Барча юридик хизмат кўрсатиш марказларига бинолар ажратилди ва зарурий компьютер ва нусха кўчириш техникаси, алоқа воситалари, дастурий воситалар, мебель ва бошқа жиҳозлар билан таъминланди.
Мазкур қарор ижроси юзасидан жорий йилнинг 30 сентябрь куни Андижон вилояти адлия бошқармаси ходимлари, туман (шаҳар) адлия бўлим бошлиқлари ҳамда туман (шаҳар)ларда ташкил этилган юридик хизмат кўрсатиш марказларига ишга қабул қилинган ходимлар иштирокида марказ фаолиятини бошлаш юзасидан ўқув-амалий семинар ташкил этилди.
Ўқув-амалий семинар давомида адлия бошқармаси бошлиғи томонидан янги ташкил этилган юридик хизмат кўрсатиш марказларининг низомда белгиланган асосий вазифалари, фаолият йўналишлари ҳамда функциялари, шунингдек, марказ ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича тўлиқ тушунтиришлар берилди.
Хусусан, марказ ходимлари томонидан фуқаролар билан мулоқот қилишда адлия органлари ходимларининг обод-ахлоқ қоидаларига, ички меҳнат-тартиб қоидаларига ҳамда кийиниш этикасига қатъий риоя этилиши лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, марказ ходимларига адлия ходими сифатида бериладиган махсус имтиёзлар, жумладан мартаба даражалар, кўп йиллик хизматлари учун устама ҳақлари ҳақида ҳам батафсил тўхталиб ўтди.
Бундан ташқари, Андижон вилояти адлия бошқармасининг ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи томонидан ташкилотларга хизмат кўрсатишдаги "E-huquqshunos" электрон ҳужжат алмашинув тизимида ишлаш ва ундан фойдаланиш юзасидан кўргазмали слайдлардан фойдаланган ҳолда батафсил тушунтиришлар ҳамда семинар иштирокчилари томонидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар берилди.
Семинар сўнгида бошқарма бошлиғи томонидан марказлар фаолиятини бошлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар бериб ўтилди.