Янгиликлар
Фермер хўжалигининг бузилган ҳуқуқлари тикланди
Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Балиқчи туманидаги “Катта Бўстон асри” фермер хўжалигига дон етиштириш учун ер майдони ажратилмаганлиги ва ғалла уруғи берилмаётганлиги мазмунида пост қолдирилган.
Ушбу хабарлар Андижон вилоят адлия бошқармаси томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
“Катта Бўстон асри” фермер хўжалигининг жами ер майдони 36,6 гектарни ташкил этиб, пахта-ғаллачиликка ихтисослаштирилган.
Балиқчи туман қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан туман ҳокимининг тегишли қарори ижросини тўғри ташкил этилмаганлиги, натижада 2022 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинлари навларини жойлаштириш ва бошоқли дон етиштиришнинг прогноз ҳажмларини белгилашда ушбу фермер хўжалиги тақсимотга киритилмаганлиги натижасида шартнома тузилмаганлиги аниқланди.
Аниқланган ҳолатларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан туман қишлоқ хўжалиги бўлимига тақдимнома киритилди.
Натижада, “Катта Бўстон асри” фермер хўжалигининг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, 13 гектар ер майдонида бошоқли дон экинларини экилиши белгиланди ва “Андижондон махсулот” АЖ билан ғалла етиштириш бўйича шартнома тузилиб, 3 260 кг.ғалла уруғи тўлиқ етказиб берилди.
Шу билан бирга, фермер хўжалигининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши ҳолатлари бўйича ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Андижон вилоятидаги вакилига таклиф киритилди.