Bog'lanish

Telefon
(+998 74) 223-49-02

Elektron manzil
andijon@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

05

Фахрий ҳуқуқшунослар: ҳамкасбларга хиёнатни қаттиқ қоралаймиз!


Фахрий ҳуқуқшунослар: ҳамкасбларга хиёнатни қаттиқ қоралаймиз!

Ҳар бир касбнинг ўз масъулияти, қадрияти, ахлоқи ва интиладиган олий мақсади бор. Ҳуқуқшунос касби ҳам ўз қадриятларига эга, хусусан, адолатга хизмат қилиш, ҳалоллик ва албатта, касбга садоқат шулар жумласидандир.

Мазкур қадриятлар юз йиллар давомида устоздан шогирдга ўтиб келмоқда ва соҳанинг барқарор ривожини кафолатлайди.

Афсуски, ҳуқуқшунослар орасида ҳам ўз мақсадларига ва ҳамкасбларига хиёнат қиладиган даражадаги кимсалар чиқмоқда. Айниқса, сўнги вақтларда айрим шахслар томонидан адлия соҳасини турли туҳматлар билан яширин равишда қоралашга уринишлар бўлаётгани ўз умрининг аксарият қисмини шу соҳага бағишлаб келган биз фахрийларда чуқур нафрат ва ташвиш уйғотмоқда. Бу мисли кўрилмаган тубанлик ҳамда адлия ходими номига қора доғдир. 

“Хоин дўст душмандан ёмон, не ҳийла билса, ишлатар осон” - дейди доно халқимиз. Дарҳақиқат, энг ёмони дўстдан чиққан душман, чунки у сени яхши ўрганган, қандай зарба берса, қай даражада тубанлик қилса қаттиқроқ тегишини билади. 

Айниқса, сўнгги пайтларда ўз касбига ва жамоасига хоинлик қилиб, ҳамкасбларига туҳматлар ёғдириб обрўсизлантириш орқали манфаатини кўзлаган инсонлар пайдо бўлди. Биз ўз умрининг аксарият қисмини шу соҳага бағишлаб келган фахрий ҳуқуқшунослар бундай хиёнатни қаттиқ қоралаймиз.

Инсон кун келиб кекса ёшга етганида, ҳаёти яхшими-ёмонми ўтиб, лойқаланган сувлар тинганида, барибир виждон билан рўпара келади, унинг олдида уяладиган иш қилмаслиги керак.

Биз касбимиз тақозоси билан турли инсонларни кўрдик, одам ажратадиган бўлдик. Ҳар бир қилмишнинг тагида бирор сабаб, мотив бўлади. Хиёнатнинг тагида эса шахсий манфаат ётади, хиёнаткорни ҳаракатлантирувчи куч шу – манфаат. Қолган гаплар баландпарвоз ва пучгаплардир. Ҳеч қачон қинғир йўлдан бориб, “мен адолат учун курашдим, бунда ҳамма воситалар яхши” деб ўзини оқлай олмайди. Адолат учун курашда бошидан охиригача фақат ҳалол бўлиш керак. Акс ҳолда, бу манфаат учун йўрғалашдан бошқа нарса эмас.

Шу сабабли ҳам, Ҳусан Равшановнинг соҳага ва ҳамкасбларига нисбатан қилган хиёнати фахрий ҳуқуқшунослар жимгина кузатиб тура олмадик. Чунки биз соҳанинг қадриятлар тизимини буюк устозлар нақадар қийинчилик билан, “игна билан қудуқ қазигандек” яратганларини кўрганмиз. 

Ўзимиз бу қадриятларни муқаддас билиб шогирдларга етказишга уринганмиз. Биз нима хато қилдикки, шундай ноқобил шогирд чиқди? 
У нима учун ўзи ишлайдиган тизимни обрўсизлантирувчи ёлғон-яшиқ гапларни ўзномини яширган ҳолда оммага олиб чиқди?Нима сабабдан туҳматларни давом эттирмоқда? Қачон, қайси ҳуқуқшунос шундай қилган? Ўзининг бирон устози шундай қилганини биладими? Йўқ, албатта. Биз тарихда бирон марта адлия ходими номи бунчалик жирканч машмашалар марказида турганини эслай олмаймиз.

Ҳуқуқшунос номуси деган тушунча бор: бу аввало юксак ғояларга ва ҳаммаслакларга садоқатни назарда тутади. Адлия тизими халқимиз ва халқаро ҳамкорлар томонидан ҳам эътироф этиб келинаётган ташкилотдир. Тизимда яратилган шароит ва имкониятлар, бу ердаги жамоавий муҳитни кўпчилик билгани учун ҳам, манаман деган ҳуқуқшуносларадлияга ишга киришга интилади.

Бу жамоада ходимлар ўртасида бир-бирига уйғунлик, ўзаро муносабатларда инсонийлик, ҳурмат ва ишонч бор. Ҳеч ким бировни ҳақорат қилмайди, руҳий босим ўтказмайди, маданиятли ва дўстона муносабатлар ичида ўз билими ва тиришқоқлиги, меҳнатсеварлиги ортидан ривожланиш учун ҳамма нарса етарли. Ўзаро ишонч муҳитида бир оиладек бўлиб кетишган. Агар бирон муаммо чиқса, шахсан биринчи раҳбарнинг ўзига боғланиш имконияти доим мавжуд. Фахрийлик даражасига эришганларида ҳам бирдамлик билан касбимиз обрўсига мос тарзда халққа хизмат қилишмоқда.

Айнан шу муҳит ва юқори талаблари туфайли адлиядан яхши кадрлар етишиб чиқади, адлия бошқа ташкилотлар учун юксак малакали кадрлар мактаби деган гаплар юради. Бу бежизга эмаслигини, бундай обрўни фақат ҳалол меҳнат билан қозониш мумкинлигини тушунмоқ керак.

Ушбу тизимдан етишиб чиққан не-не мутахассислар бугунги кунда халқимиз хизматида ҳалол меҳнат қилишмоқда: Президент администрациясидан тортиб Парламентгача, вазирлик ва идоралардан тортиб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи барча органларда фаолият юритишмоқда ҳамда қадрли кадр сифатида эътироф топишмоқда. Давлат мукофоти олганлар, хизмат кўрсатган юристлар, вазирлар, Президент маслаҳатчилари ва бошқа улуғ инсонлар шулар жумласидандир.

Туз нон еган жойга хиёнат қилиш нонкўрликҳисобланади. Ҳусан Равшанов ҳам касбига хиёнат қилмаганида, ҳалол ишлаганида, балки шундай эътироф, ҳурмат қозонар эди, халққа ва ўзига ҳамда яқинларига яхшилик қилган бўлар эди. Афсуски, у бошқа йўлни тўғри деб танлади.

Барча ҳамкасблар билан бирга ёнма ён ишлаб, яхши-ёмон кунида қўллаган дўстларига, ҳамкасбларига хиёнат қилган одам эртага ватанга ҳам хиёнат қилмаслигига ким кафолат беради? Энди ҳеч бир ҳамкасби 
у инсонга нисбатан кафолат бера олмаса керак.

Юристлар ҳуқуқий маконда ишлаши керак, текширилмаган бир томонлама маълумотларни турли ахборот ресурсларида чиқартириши унинг ҳуқуқшунос сифатида қадрини ер билан битта қилди.

Кўпчилик ҳалол ишлаш ва ҳалол луқма деган тушунчаларни тор англайди. Фақат жиноят қилса, пора олиб ё ўғрилик қилиб нон топса харом деб ўйлайди. Хиёнат орқасидан топилган нон ҳам ҳалол эмас. Бунинг оқибатидан у энди қочиб қутулолмайди. Энди у касбга хиёнат қилган хоин! Ҳуқуқшунослар ҳамжамияти уни кўрганида ана шу қилган хиёнатини эслайди. 

Бу нафақат ҳар қандай ҳуқуқшунос балки ҳар бир инсон учун қўрқинчли “истиқбол” ва оғир жазодир.

Хиёнаткорни ўз қилмиши оқибатлари бир умрга таъқиб этади. Ҳозирда эса у одил судда айби исботланган жиноятчи, энди ҳар қанча айюҳаннос солмасин, жазосини ўтайди. Фақат шу бизга таскин беради.

Сўзимиз сўнгида шуни таъкидламоқчимизки, ҳозир адлия тизимига ишга кириш очиқ танлов асосида бўляпти. Шу сабабли тизимга кўплаб ёш, билимли, истиқболи порлоқ ёшлар келмоқда. Улар йўлнинг бошида экан, ушбу воқеадан тўғри хулоса чиқаришлари лозим. Яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, касбига, соҳага ва ҳамкасбларига ҳалол муносабатда бўлиб адолат учун курашишлари лозим. 

Адлия вазирлиги тизимида бундай ходимларга ўрин йўқ, фаҳрийлар бундай кимсаларга, жирканч муносабатларга қарши муросасиз курашади.

Хайриддин Файзиев

Адлия вазирлиги фахрийлар кенгаши раиси

(адлия органлари тизимида 30 йилдан ортиқ, шундан 18 йил давомида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган,

“Дўстлик” ордени ва “Шуҳрат” медали соҳиби,юридик фанлари бўйича фалсафа фанлари доктори(PhD),

Халим Бобоев 

адлия фахрийси (адлия органлари тизимида 52 йилдан зиёд, шундан 18йил раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган, Ўзбекистонда Республикаси фан арбоби, юридик фанлари доктори, профессор)

Есемурат Каньязов

Адлия вазирлиги Интеллектуал мулк департаменти бошлиғи

(адлия органлари тизимида 27 йилдан ортиқ, шундан 22 йил давомида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда, 

“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби,юридик фанлари номзоди)

Шокир Саидов

Юристлар малакасини ошириш маркази директорининг биринчи ўринбосари

(адлия органлари тизимида 26 йилдан ортиқ, шундан 23 йил давомида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда, “Шуҳрат” медали соҳиби),

Нодира Рашидова

Адлия вазирлиги бош маслаҳатчиси

(адлия органлари тизимида 27 йилдан ортиқ фаолият юритмоқда, “Дўстлик” ордени соҳиби)

https://hudud24.uz/news/fakhrii-khukukshunoslar-khamkaslarga-khiionatni-kattik-koralaimiz