Янгиликлар
28
Ma'qola
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини ўрганиш юзасидан
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатнинг 2030 йилгача бўлган тараққиётининг устувор йўналишлари, мақсадлари ва аниқ кўрсаткичларини белгилаб берган ҳужжатдир. Стратегия 5 та йўналиш бўйича 100 та мақсадни ўз ичига олади.
Ушбу мақолада стратегиянинг тўртинчи йўналиши – “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш” доирасидаги 84, 85, 86 ва 88-мақсадлар ҳақида батафсил тўхталамиз.
Мазкур стратегиянинг 4-йўналишидаги 84-мақсад бу “Конституция ва қонунлар устуворлигини таъминлаш бўлиб, тўлиқ номланиши “Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш”.
Ушбу мақсад доирасида қуйидаги аниқ вазифалар белгиланган:
- Жиноят иши юритувида ярашув институтидан фойдаланиш имкониятини 20 фоизга ошириш;
-Судлар ҳамда тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб (онлайн) амалга ошириш имкониятлари даражасини 50 фоизга етказиш.
Мазкур чора-тадбирлар фуқароларнинг вақти ва маблағини тежаш, ортиқча навбатлар ва оворагарчиликларга чек қўйиш ҳамда одил судловга бўлган ишончни оширишга хизмат қилади.
85-мақсад бу “Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантириш”. Ушбу мақсад бўйича асосий кўрсаткич – маъмурий судларда ишларнинг келиштириш чоралари (медиация) орқали ҳал этилиш даражасини 50 фоизга ошириш. Яъни, давлат органи томонидан фуқаро ёки тадбиркорнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилган тақдирда, ушбу низоларнинг камида 50 фоизи судгача бўлган босқичда ёки маъмурий судларда медиация орқали ҳал этилиши кўзда тутилмоқда.
86-мақсад: “Суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш”.
Мақсадни амалга ошириш йўлида фуқароларга одил судловга эришишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида янги интерактив хизматлар сонини 19 тага етказиш белгиланган. Бу – “Смарт суд” концепциясини ҳаётга татбиқ этиш орқали суд тизимини рақамлаштириш ва фуқаролар учун қулайлик яратишга қаратилган муҳим қадамдир.
88-мақсад “Адвокатура институтининг салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш”.
Мақсад доирасида фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича адвокатлар ҳамда судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинуви даражасини 50 фоизга етказиш режалаштирилган. Бу адвокатлар фаолиятини рақамлаштириш, ҳужжат айланишини тезлаштириш ва сифатли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясидаги юқорида санаб ўтилган мақсадлар қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган. Ушбу мақсадларда суд ва тергов жараёнларини рақамлаштириш, медиация ва ярашув институтларини кенгайтириш, адвокатура фаолиятини замонавийлаштириш каби аниқ ва ўлчанадиган кўрсаткичлар белгиланган. Бу ислоҳотлар оддий фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг судма-суд сарсон бўлишининг олдини олиш ва одил судловга бўлган ишончни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур мақсадларни амалга ошириш юзасидан Андижон вилоят маъмурий суди томонидан ҳам ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Фуқароларга қулайликлар яратиш, адвокатлар учун алоҳида хоналарни жихозлаш, фуқаролар кутиш жойида белгиланган суд ишларини билиш электрон жихозлар шулар жумласидан.
Андижон вилоят маъмурий
суди судьяси Н.Қамбаров