Васийлик ва ҳомийлик фаолияти кимларга нисбатан тайинланади?

Қ.Қўчқаров, Андижон тумани

Жавоб: Васийлик ва ҳомийлик фаолияти:

Вояга етмаганларга нисбатан – туман, шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилган фуқароларга нисбатан – туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари.

Соғлиғининг ҳолатига кўра ҳомий тайинлашга муҳтож бўлган вояга етган муомалага лаёқатли фуқароларга нисбатан – туман, шаҳар бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан амалга оширилади.

Савол: Васийлик ва ҳомийлик органлари болани фарзандликка олиш масалаларида қандай вакколатларга эга?

А.Абаев, Пахтаобод тумани

Жавоб: Васийлик ва ҳомийлик органлари болаларни фарзандликка олишда қуйидаги ваколатларга эга:

- болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг, фарзандликка олган ва фарзандликка олинганларнинг ҳисобини юритади, фарзандликка олиш сирининг сақланишини таъминлайди.

- туман, шаҳар судига вояга етмаган болаларни фарзандликка олиш асосли эканлиги ва фарзандликка олинаётган боланинг манфаатларига мувофиклиги тўғрисида хулоса тақдим этади ва суд жараёнида иштирок этади.

- фарзандликка олишни бекор қилиш учун судга белгиланган тартибда ҳужжатлар тайёрлайди.

Савол: Васийлик ва ҳомийлик органлари эмансипация бўйича қандай ваколатга эга?

Қ.Абдуллаев, Андижон шаҳар

Жавоб: Вояга етмаган, ўн олти ёшга тўлган шахс, агар у меҳнат шартномаси бўйича ишлаб турган ёки ота-онаси, фарзандликка олганлар ёхуд ҳомийнинг розилиги билан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бўлса тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши мумкин.

Вояга етмаган шахсни тўла муомалага лаёқатли деб эълон (эмансипания) васийлик ва ҳомийлик органининг қарорига кўра, иккала ота-онанинг, болани фарзандликка олганларнинг ёки ҳомийнинг розилиги билан ёҳуд, бундай розилик бўлмаган тақдирда, суд қарори билан амалга оширилади.

Савол: Васийлик ва ҳомийлик деганда нима тушунилади?

М.Қаландарова, Марҳамат тумани

Жавоб: Васийлик – ўн тўрт ёшга тўлмаган етим болаларга ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий, шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида белгиланади.

Ҳомийлик – ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга, шунингдек, суд томонидан муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида белгиланади.

Савол: Кимлар васий ёки ҳомий этиш белгиланиши мумкин эмас?

И.Хайдаров, Андижон туманидан

Жавоб: Васий ёки ҳомий тайинлашда шахснинг аҳлоқий ва бошқа шахсий фазилатлари, мажбуриятларни бажариш қобилияти, васий, ҳомий ва васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс ўртасидаги муносабатлар, васий ёки ҳомий оиласининг васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсга муносабати, шунингдек 10 ёшга тўлган ҳомийликка олинувчининг истаги инобатга олиниши лозим.

Қуйидаги шахслар васий ва ҳомий этиб тайинланиши мумкин эмас:

ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганлар ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар;

суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;

собиқ фарзандликка олувчилар, агар фарзандликка олиш уларнинг ўз зиммасига юкланган мажбуриятларини бажаришдан бўйин товланганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги, ота-оналик ҳуқуқларини суиистеъмол қилганлиги, фарзандликка олинганлар билан шафқатсиз муносабатда бўлганлиги, сурункали алкоголизм ёки гиёхвандлиги оқибатида бекор қилинган бўлса;

ўз зиммаларига юкланган мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги ёки ўз ҳуқуқларини суисстеъмол қилганлиги учун васий ёки ҳомий мажбуриятларини бажаришдан четлаштирилган шахслар;

қасддан содир этган жинояти учун илгари хукм қилинганлар.

Савол: Васий ва ҳомийлар фаолиятини ким назорат қилади?

Д.Маматазимова, Андижон тумани

Жавоб: Васийлик ва ҳомийлик органи васийлар ва ҳомийларнинг ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажариши юзасидан йилига камида икки мартта назоратни амалга оширади, уларга васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларни тарбиялашда, уларнинг тиббий кузатувини ташкил этишда, таълим муассасаларига ҳамда ишга жойлаштирилишида ёрдам кўрсатади.

Васийлар ва ҳомийларнинг мажбуриятлари бажарилиши юзасидан назорат васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг ёхуд васийларнинг ёки ҳомийларнинг яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан амалга оширилади.

Саволларга Андижон туман ФҲДЁ бўлими мудираси Мухтасархон Тўраева жавоб берди.


Возврат к списку