Шартнома тузишнинг асосий қоидалари нималардан иборат?

Ф.Жўраев, Андижон шаҳри

Жавоб: Давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш ва гаровга (ипотекага) қўйиш тўғрисидаги шартномалар бошқа шахсга ўтказилаётган ёки гаровга (ипотекага) қўйилаётган мол-мулкка бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ва бошқа ҳужжатлар тақдим этилган тақдирдагина тасдиқланиши мумкин. Шартномаларни тасдиқлашда ҳужжатларнинг ксеронусхаси унинг асл нусхаси ва дубликати ўрнини боса олмайди. Нотариус шартнома иштирокчисининг муомала лаёқатини аниқлаш пайтида шу шартнома иштирокчисининг ёшини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилади. Нотариусда шартнома иштирокчиларидан бирининг руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз хатти-ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайди ёки шу ҳаракатларни бошқара олмайди деб ёхуд спиртли ичимликларни ёки гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни истеъмол қилиши оқибатида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяди деб ҳисоблаш учун асоси бўлсада (шубҳа туғдирсада), аммо шу фуқаронинг муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланганлиги тўғрисида маълумотлар бўлмаса, у шартномани тасдиқлашни кечиктиради ва суднинг шу шахсни муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топганлиги тўғрисидаги қарори бор-йўқлигини аниқлайди.

Савол: Шартномани бекор қилиш тартиби ҳақида тушунча беринг?

Д.Рустамов, Андижон шаҳри

Жавоб: Мулкни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги шартномани бекор қилиш ҳақидаги шартнома асосий шартномага қўшиб қўйиладиган алоҳида ҳужжат тузиш йўли билан амалга оширилади. Шартнома предмети кўчмас мулк бўлиб давлат рўйхатидан ўтказилган тақдирда, «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмасининг уй-жойнинг техник ҳолати ва қиймати тўғрисидаги белгиланган намунадаги маълумотномаси талаб қилинади ҳамда кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ва хатланмаганлиги текширилади. Мулкни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги шартномани бекор қилиш пайтида, бу шартнома тегишли «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмасида қайд этилган ёки қайд этилмаганлигидан қатъи назар, нотариус тарафларнинг ўзаро хоҳиш-иродаси (аризаси) асосида шартномани бекор қилиш тўғрисидаги алоҳида шартномани тасдиқлайди. Аризалар реестрда қайд этилади. Агар шартномада бир тараф ёки иккала тараф юридик шахс бўлса, шартномани бекор қилиш вақтида юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шаклига қараб шартномани бекор қилиш ҳақидаги қарори (умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруғи ва ҳоказо) ва ёзма хати олинади. Шартноманинг барча нусхаларига ва реестрга шартнома бекор қилинганлиги ҳақида ёзиб қўйилади ҳамда унга нотариуснинг имзоси ва муҳри қўйилади. Агар мулк эр-хотиннинг биргаликдаги мулки бўлса, нотариус улардан иккинчисининг шартномани бекор қилишга рози эканлиги тўғрисидаги аризасини талаб қилади.

Савол: Вояга етмаган фуқаролар томонидан шартнома имзоланиши мумкинми?

Ш.Насриддинова, Олтинкўл тумани

Жавоб: Ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаганлар (кичик ёшдаги болалар) учун шартномаларни Фуқаролик кодекси 29-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилганлардан ташқари, уларнинг номидан фақат ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки васийлари тузиши мумкин. Бундай шартномаларни тузишда ота-онанинг ҳар иккисининг розилиги талаб қилинади.

Савол: Шартноманинг қандай турлари мавжуд?

А.Маннопов, Хонобод шаҳри

Жавоб: Шартноманинг қуйидагича турлари мавжуд: Кўчмас мулкларни бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битимларни тасдиқлаш, уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга ўтказиш бўйича битимларни тасдиқлаш, хусусийлаштирилган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битимларни тасдиқлаш, айирбошлаш шартномасини тасдиқлаш, ҳадя шартномасини тасдиқлаш, корхонани сотиш шартномасини тасдиқлаш, автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимларни тасдиқлаш, кўчмас мулкларни гаровга (ипотекага) қўйиш тўғрисидаги шартномаларни тасдиқлаш, мулк ижараси шартномаларини тасдиқлаш, кўчмас мулк ижараси шартномаларини тасдиқлаш, корхонани ижарага бериш шартномасини тасдиқлаш, лизинг шартномасини тасдиқлаш, рента шартномасини тасдиқлаш, мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасини тасдиқлаш ва бошқалар. Томонларнинг хоҳишига кўра нотариус бошқа шартномаларни ҳам тасдиқлаши мумкин.

Савол: Мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат деб нималарга айтилади?

С.Даминова, Асака тумани

Жавоб: Уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми бошқа шахсга ўтказилаётганда, мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат бўлиб қуйидагилардан бири бўлиши мумкин: умрбод таъминлаш шарти билан уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга бериш, олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя тўғрисидаги нотариал тасдиқланган шартнома, уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмига мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат далолатномаси, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома, эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушига мулк ҳуқуқи тўғрисида берилган гувоҳнома, уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмига бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи суднинг ҳужжати, уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми бўлинганлиги тўғрисидаги битим, маҳаллий давлат ҳокимияти органининг уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмига бўлган мулк ҳуқуқини тан олганлиги тўғрисидаги қарори, тугатилаётган юридик шахсга тегишли бўлган мол-мулкни унинг муассислари (иштирокчилари) ўртасида тақсимлаш (бўлиш) тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган келишуви, уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини очиқ савдода сотиб олинганлиги тўғрисида гувоҳнома, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ҳужжатлар.

Савол: Айирбошлаш шартномаси қай тартибда тасдиқланади?

Д.Каримов, Андижон шаҳри

Жавоб: Айирбошлаш шартномасига айирбошлаш моҳиятига зид келмайдиган олди-сотди шартномаси ҳақидаги тегишли қоидалар татбиқ этилади. Бунда ҳар қайси тараф алмаштириш йўли билан топшириш мажбуриятини олган товарни сотувчи ва қабул қилиш мажбуриятини олган товарни сотиб олувчи ҳисобланади. Айирбошлаш шартномаси тасдиқланаётганда, тарафларга Фуқаролик кодексининг 497 — 501-моддалари мазмуни тушунтирилиб, бу ҳақда шартнома матнида кўрсатиб ўтилади. Шартноманинг предмети муомаладан олинган ёки муомалада бўлиши чекланган ашёлардан ташқари барча кўчар ва кўчмас мулк, ҳар қандай ашёлар бўлиши мумкин. Шартноманинг предмети кўчмас мулк бўлганида, кўчмас мулкларни бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битимларни тасдиқлаш қоидалари қўлланилади, шартнома предмети автомототранспорт воситалари бўлса, автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимларни тасдиқлаш қоидалари қўлланилади. Агар айирбошлаш шартномасидан бошқача тартиб келиб чиқмаса, айирбошланадиган товарлар тенг қийматли деб тахмин қилинади, уларни топшириш ва қабул қилиш харажатларини эса ҳар бир ҳолда тегишли мажбуриятларни бажарадиган тараф амалга оширади.

Саволларга Андижон шаҳар 3-сон ДНИ нотариуси  Фотимахон Абдуллаева жавоб берди.


Возврат к списку