Никоҳ ёши неча ёш деб белгиланган ?

Ш.Араббоева, Асака тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 15-моддасида: Никоҳ ёши эркаклар учун ўн саккиз ёш, аёллар учун ўн етти ёш этиб белгиланади.

Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида холларда (хомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомила лақатли деб эълон қилиниши (эманципация), никоҳга киришни хохловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат руйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар хокими никоҳ ёшини кўпи билан 1 йилга камайтириши мумкин.

Савол: Эрта никоҳ тузганлик учун қонунда қандай жавобгарлик мавжуд?

М.Жонбекова, Асака тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 47³-моддасида: Никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, -

энг кам иш ҳаққининг беш баравариан ўн бараваригача миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш,-

энг кам иш ҳаққининг етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима олишга сабаб бўлади.

Савол: Никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар борми?

К.Хасанова, Асака тумани

Жавоб: Никоҳ тузишга қуйидаги холатлар монелик қилади:

-лоақал биттаси рўйҳатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида;

- насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида;

- лоақал биттаси руҳият бузилиши (рухий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида йўл қўйилмайди.

Савол: Эрта никоҳларни диний маросимларини амалга оширганлик учун қандай жавобгарлик мавжуд?

Х.Қўчқарбоев, Асака тумани

Жавоб: Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш,- энг кам иш ҳаққининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Савол: Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш мажбурийми?

М.Ибрагимова, Асака туман

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 17-моддасида: Никоҳланувчи шахслар давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул асосда тиббий кўрикдан ўтадилар. Тиббий кўрикдан ўтиш хажми ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Никоҳланувчи шахслар эллик ёшдан ошган бўлса, шунингдек, ушбу Кодекс 13-моддасининг бешинчи қисмида кўрсатилган алоҳида ҳолларда мавжуд бўлганида тиббий кўрикдан ўз розилиги билан ўтказилади.

Савол: Никоҳланувчи шахслар қайси касалликлар бўйича тиббий кўрикдан ўтказилади?

М.Қодиров, Асака тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 25 август 2003 йилдаги № 365-сон қарори билан тасдиқланган “Никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтказиш ҳақидаги Низом” га мувофик никохланувчи шахслар 5 хил турдаги касалликлар билан тиббий кўрикдан ўтказилади. Булар:

1) Психик касалликлар (шизофрения, эпилепсия, олигофрения)

2) Наркология

3) Захм

4)Сил

5) ОИТСларидир.

Саволларга Асака туман 1-сон ФҲДЁ бўлими мудираси М.Саидова жавоб берди.


Возврат к списку