Отам Эсонов Тошмат 2010 йил 20 январь куни вафот этган, 2015 йил 28 декабрь куни бобом, яъни отамнинг отаси Эсонов Мухтор вафот этди. Мен бобомдан қолган меросдан ҳисса олишим мумкинми?

И.Собиров, Асака тумани

Жавоб: Ха, олишингиз мумкин. Ушбу ҳолатда Сизга Фуқаролик кодексининг 1140-моддасига асосан, яъни “Тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик” бўйича мерос очилгунга қадар, шунингдек, мерос очилганидан кейин, аммо меросни қабул қилиб ололмасдан вафот этган қонун бўйича ворисликка чақирилган ёки чақирилиши лозим бўлган меросхўрларнинг ворислари вафот этган ота-оналарга тегишли бўлган мерос мулкка ворис бўлиш ҳуқуқига эга бўлади.

“Тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик, қонун бўйича меросхўрлар мерос очилганга қадар вафот этган тақдирда, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтишини назарда тутади, бунда улуш тақдим қилинаётган қонун бўйича меросхўр билан бир хил даражада қариндош бўлган авлодлар ўртасида тенг тақсимланади”.

Ворисликка чақирилган биринчи навбатдаги қонун бўйича меросхўрлар вафот этиши муносабати билан уларнинг болалари, яъни мерос қолдирувчининг набиралари, тақдим этиш хуқуқи билан меросхўр бўлиб, ўзининг отасига ёки онасига тегишли бўлган мерос мулк ҳиссасига бўлган хуқуқни қўлга киритади. Агар тақдим қилиш хуқуқи бўйича бир неча меросхўрлар бўлса, вафот этган меросхўрларга тегишли ҳисса улар ўртасида ўзаро тенг тақсимланади.

Савол: Эрим 2010 йил 20 июлда вафот этган. Қайнотам, яъни эримнинг отаси эса 2014 йил 8 февраль куни вафот этди, мен қайнотамдан қолган меросдан хисса олишим мумкинми?

М.Қодирова Избоскан тумани

Жавоб: Йўқ. Болалар, набиралар, чеваралар ва эвараларнинг меросхўрларга тақдим қилиш ҳуқуқи қариндошлик даражаси чекланмаган ҳолда амал қилади. Бунда меросхўрдан қолган улуш тақдим қилинаётган қонун бўйича меросхўрлар билан бир хил даражада қариндош бўлган авлодлар ўртасида тенг тақсимланади. Ён қариндошлик бўйича ворисликка чақирилган туғишган ака-ука, опа-сингиллар ёки амаки-тоға, амма-холалар мерос очилгунга қадар ёки мерос очилгандан кейин уни қабул қилиб ололмасдан вафот этган бўлишса, уларга тегишли бўлган меросҳиссалари ўз ота-оналари номидан, яъни мерос қолдирувчининг туғишган ака-ука, опа-сингиллари ва бошқа қариндошлари номидан уларнинг боллари, яъни мерос қолдирувчининг жиянлари, мерос қолдирувчининг туғишган амакиси-тоғаси номидан, унинг амакиваччалари, тоғаваччалари, аммаси-холаси номидан аммавачалари ва холаваччалари тенг ҳиссада олишади.

Буларнинг ҳаммаси меросни тақдим қилиш хуқуқи бўйича ворислик асосида қўлга киритади. Кўп ҳолларда тақдим қилиш хуқуқи бўйича мерос олувчиларнинг ҳиссаси бошқа қонун бўйича меросхўрларнинг ҳиссаларидан анча кам бўлади, чунки мерос олиш лозим бўлган шахсга тегишли ҳисса унинг боллари, набиралари ўртасида тенг тақсимланади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, агар ўғил (қиз) ота ёки онадан олдин вафот этган бўлса, унда кейин вафот этган ота ёки онанинг мулкига ўлган фарзанднинг болалари тақдим қилиш хуқуқи бўйича ворис бўлади. Вафот этган шахснинг эри (хотини) тақдим қилиш хуқуқи бўйича меросхўр бўла олмайди.

Саволларга Асака туман 3-сон ДНИ нотариуси Жасурбек Файзиев жавоб берди.


Возврат к списку